Симеоне: «Бу биз жорий мавсумда тўқнаш келган энг кучли жамоа»
Мадриднинг «Атлетико» клуби бош мураббийи Диего Симеоне Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 3-турида «Арсенал»дан (0:4) учралган мағлубият ҳақида фикр билдирди.
«Шуни айтишим мумкинки, бу биз жорий мавсумда тўқнаш келган энг кучли жамоа. Улар жуда яхши курашади, тез ҳаракат қилади ва доим олдинга интилади. Майдон бўйлаб юқори даражадаги ўйин намойиш этади. Биз эса ҳали такомиллашиш жараёнидамиз ва уни давом эттиришимиз керак.
Ўйлайманки, ўйиннинг дастлабки қисмида яхши ҳаракат қилдик, бироқ 60-дақиқадан сўнг рақиб устунликни ўз қўлига олди ва ғалабага тўла ҳақли эди. Энди бу мағлубиятни эсдан чиқариб, машғулотларда тўғри бажарган ишларимизни янада такомиллаштиришга эътибор қаратишимиз керак», — деди Симеоне.
Маълумот учун, «Атлетико» 3-турдан сўнг 3 очко билан умумий гуруҳ босқич турнир жадвалида 18-ўринда бормоқда. «Арсенал» эса 9 очко билан 3-поғонани банд этган.