Шоҳруҳбек Абдураҳмонов: «Бундай беллашувлар футболчиларга ўзгача мотивация беради»
Ўзбекистон Суперлигасининг 24-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Пахтакор” жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар”нинг 27 ёшли тажрибали ярим ҳимоячиси Шоҳруҳбек Абдураҳмонов бўлажак беллашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- “Навбаҳор” ва “Пахтакор” Суперлиганинг мунтазам иштирокчилари ҳамда совриндор жамоалари ҳисобланади.Шу боис,мазкур клублар принципиал рақиб ҳамда ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар доимо шиддатли ва кескин курашлар остида кечган. Албатта, бу сафарги баҳс ҳам бундан мустасно бўлмайди ва ўйин курашларга бой тарзда кечади, деган умиддаман.Боиси,бундай беллашувлар футболчиларга ўзгача мотивация беради ҳамда майдонда барча имкониятимизни ишга солиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.
Бундан ташқари, жамоалар турнир жадвалида қўшни бўлгани, пойтахтликлар чемпионлик, “Навбаҳор” эса совриндорлар сафидан ўрин олиш учун кураш олиб бораётгани боис,бўлажак учрашувнинг томошабоп кечиши эҳтимоли юқори.
Биз ҳам мазкур ўйинда майдонга бошқача руҳ ҳамда иштиёқда тушиб, ғалаба қозониб, мухлисларга қувонч улашишга ҳаракат қиламиз ҳамда буни амалга ошириш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
Ишқибозлардан эса жамоамизни бевосита стадионда муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб, ғалабамизга мададкор бўлишларини сўраб қоламан” - деди Шоҳруҳбек Абдураҳмонов.