Шомуродов учун кутилмаган харидор пайдо бўлди
Аввалроқ Элдор Шомуродовнинг Италиянинг “Рома” клубидаги келажаги ҳақида хабар бергандик. Бир йиллик шартномага эга бўлган ҳужумчи римликлар билан келишувни узайтиришдан кўра, жамоани тарк этишига яқинроқ турибди. Қатор оммавий ахборот воситалари маълум қилишича, Шомуродовга АҚШ клублари қизиқиш билдирмоқда. Шунингдек, араб мамлакатлари жамоаларидан ҳам таклифлар мавжуд.
Бугун эса Элдор учун кутилмаган харидор пайдо бўлди — Туркиянинг “Истанбул Башакшеҳир” клуби футболчининг вакиллари билан учрашув ўтказгани маълум бўлди. Бу ҳақда турк футбол инсайдери, журналист Ягыз Сабунжўғлу хабар тарқатди.
“Истанбул Башакшеҳир” Туркияда ҳукумат қўлловига эга сиёсийлашган клуб сифатида танилган. Шунга қарамасдан, жамоа жорий мавсум Туркия чемпионатида фақатгина 5-ўринни эгаллади. Агар Шомуродов ушбу жамоага ўтса, у клуб тарихидаги энг қиммат футболчилардан бирига айланади.
Айтиш жоизки, Туркия чемпионати сўнгги пайтларда янада қизиқарли тус олмоқда. Яқинда “Галатасарай” Германия термаси ва “Бавария”да ўйнаган Лерой Санени ўз сафига қўшиб олди. Бундан ташқари, лигада машҳур мураббий Жозе Моуриньо ва гол уриши бўйича етакчилардан бири Виктор Осимҳен ҳам фаолият олиб бормоқда. Яқин орада улар сафига “Барселона” дарвозабони Марк-Андре тер Стеген ҳам қўшилиши мумкин.