Шомуродов Мессига қарши ўйинда майдонга тушишга тайёр
Ўзбекистон футбол терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов жамоа олдида турган режалар ва Аргентинага қарши бўлиши мумкин бўлган ўртоқлик учрашуви ҳақида фикр билдирди.
«90minutuz» подкастида иштирок этган ҳужумчи Жанубий Америка чемпионига қарши эҳтимолий учрашувни муҳим воқеа сифатида баҳолади.
— Аргентинага қарши ўйин биз учун жуда катта аҳамиятга эга бўларди. Бу орқали ўз даражамизни кўра оламиз, — деди Шомуродов. — Улар жаҳон чемпиони, уларга қарши ўйинда қайси жиҳатларимиз устида ишлашимиз кераклигини англаймиз. Бу тажриба биз учун ҳар томонлама фойдали бўлади.
Шунингдек, Элдор Шомуродов Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) Кубогида иштирок этиш нияти борлигини тасдиқлади. Клуб мавсуми тугаганидан сўнг дам олиш зарурлиги ҳақидаги саволга у терма жамоа шарафини ҳимоя қилишга тайёр эканини қатъий таъкидлади.