Шодийор Шодибоев: 2026 йил исталган жамоа учун қийин ўтади
"Локомотив" ҳужумчиси Шодийор Шодибоев клуб матбуот хизматига интервью берди.
- Янги мавсум учун бошланган тайёргарлик қандай кетмоқда?
- Тайёргарликни катта темпда бошладик. Ҳозирча асосий эътибор жисмоний ҳолатни оширишга қаратилган. Январ ойида бизни ажойиб тайёргарлик кутмоқда. Ҳар ҳолда Суперлигада ўйнаш учун катта куч керак бўлади. Биз барча ҳолатга тайёр бўлиб кирмоқчимиз.
- Ўтган мавсум биз учун барчаси кечроқ якунланди. Вазифани бажариш кечиккани сабаблари нимада?
- Ҳа, биз вазифани эртароқ бажариб, кўнгилни хотиржам қилмоқчи бўлган эдик. Лекин чемпионлик сўнгги турдагига ҳал бўлди. Мавсумнинг оғир ўтганини, жамоаларнинг сони ва ўйинлар камлигини ҳисобга олсак, ҳаммамиз ҳам ҳолатнинг бундай бўлиб кетишини кутмаган эдик. Лекин биз мавсумни пешқадам сифатида якунлашимизга 100 фоиз ишонган эдик. Муҳими вазифа уддаланди.
- Ушбу мавсумда 22 ўйинда 6 гол ва 1 ассист қайд этдингиз. Кейинги мавсум ўзингиздаги қандай талабларни янада кучайтирмоқчисиз?
- Ўтган мавсумдан қониқиш ҳосил қилмадим. 6 гол ва 1 ассист ҳужумчи учун жуда кам. Бу ўтиш йили бўлди. Энди кейинги мавсум учун режаларимни кучайтириб, жамоамга кўпроқ фойда келтириш, голлар уриб, ғалабалар олиб келишга интиламан.
- Янги мавсумдан нималар кутяпсиз?
- 2026 йил исталган жамоа учун қийин ўтади. Буни барча футбол мухлислари билиб турибди. Жамоалар исталган рақибларига рақобат таклиф қилади, кучсиз жамоа бўлмайди. Ўз навбатида биз ҳам совринли ўринлар учун ўйнаймиз. Барчани олдинда қизиқ мавсум кутмоқда.