Шейх Мансур ўзбек футбол клубини сотиб олиши мумкин
Шейх Мансурга тегишли бўлган ва дунё бўйлаб қатор клубларга эгалик қиладиган City Football Group холдинги Ўзбекистон футбол бозорига қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Олимпия қўмитаси раисининг ўринбосари Равшанбек Умаров маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукуматига маҳаллий футбол клубларидан бирини City Group вакилларига сотиш бўйича таклиф келиб тушган.
«Таклиф яқинда келди. Ҳозирда у ҳукумат даражасида кўриб чиқилмоқда», — деди Умаров.
Бундан ташқари, City Group яна бир ўзбек футболчисини «Манчестер Сити»га олиб ўтишни режалаштирмоқда. Айни пайтда қайси футболчи ҳақида гап кетаётгани маълум эмас.
Маълумот учун, City Football Group Англия, Франция, Испания, Бразилия, Бельгия, Австралия, Уругвай, Япония, Ҳиндистон ва бошқа қатор мамлакатларда жамоаларга эгалик қилади. Агар келишув амалга ошса, Ўзбекистон ушбу глобал футбол лойиҳасининг навбатдаги манзилига айланиши мумкин.