Шахзод Азмиддинов: «Пахтакор»дан кетмасам бўлмасди»
Куни кеча «Пахтакор» ҳимоячиси Шахзод Азмиддинов Қувайтнинг «Ал Салмия» клубига трансфер қилинди. Энди ушбу ўйинчи бир мавсум давомида Қувайт премьер-лигасида фаолият олиб боради. Ҳозирда «Ал Салмия» мусобақа жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди.
Азмиддинов эса бор эътиборини янги клубига қаратади. Қувайтга бориб, «Ал Салмия» ихтиёрига қўшилгач, футболчи бу борадаги илк интервьюсини Tribuna.uz нашрига берди.
- Шахзод, сиз энди Қувайт чемпионатида тўп тепасиз. «Ал Салмия» клубидан илк таклиф қачон бўлганди ва бу сиз учун кутилмаган таклиф бўлдими?
- «Ал Салмия» клубига биринчи даврадан кейин келдим. Рост, бу таклифдан ҳайрон бўлдим. Чунки бунгача «Пахтакор»да деярли ўйнамаганман. Фақат захиралардан майдонга тушиб, умумий ҳисобда ярим соатча тўп тепдим, холос. Шу боис ушбу таклифни кутилмаганда бўлди, дейишим мумкин.
- Қувайт чемпионатига кетишингизни энг асосий сабаби нима билан боғлиқ?
- Энг асосий сабаби мураббий бўлди. Чунки ўтган йили «Андижон» таркибида ОЧЛ 2 мусобақаси доирасида Баҳрайнда «Ал Халдия» жамоасига қарши ўйнаганимизда ҳозирги мураббий айнан «Ал Халдия» бош мураббийи эди. Мени ёқтириб қолган экан ва кейин мени Қувайтга чақирди
- Қувайтликлар сизни сотиб олишдими ёки ижарага олишдими? Шартнома муддати қанчага тузилди?
- Йўқ, булар мени сотиб олмади. «Пахтакор» мени бу клубга бир йилга ижарага берди. Худо хоҳласа, яхши ўйнаб ўзимни кўрсатсам, кейинги мавсумга сотиб олиб, мени олиб қолишлари мумкин.
- «Пахтакор»дан кетмасангиз бўлмасмиди?
- «Пахтакор»дан кетмасам бўлмасди. Негаки, у ерда мени ўйнатишмасди. Шунинг учун ҳам кетишга қарор қилдим.
- Камолиддин Тожиев бошқараётган пайтда сиз аввалига «Андижон»да, кейин эса мана Қувайтга кетдингиз. Бош мураббий сизга қанчалик ишонарди ва муносабатингиз қандай эди?
- Ҳамма мураббийни ўзига ёқадиган ўйинчилари бўлади. Камол акага мени ўйиним мос тушмаган бўлиши мумкин ёки характeрим тўғри келмагандир. Лекин биз Камол ака Тожиев билан яхши муносабатдамиз. Лекин айтганимдек, қайсидир сифатларим ёқмаган бўлиши мумкин. Ҳеч қачон мураббийни қарорига қаршилик қилмайман. Шунинг учун ҳам ўтган йили «Андижон»га кетдим, кейин у ердан келиб яна олти ойдан сўнг энди «Ал Салмия»га ўтдим. Мураббийга қайсидир жиҳатларим ёқмаслигим мумкин. Шу боис Камол ака Тожиев қўл остида ўйнай олмадим.
- «Ал Салмия»да сизни қандай қарши олишди? У ердаги шароитлар қандай?
- Жамоа зўр кутиб олди. Дастлаб танишув машғулоти бўлди. Энди бугундан машғулотларга киришамиз. Бир сўз билан айтганда, ҳамма нарсаси яхши. Яхши жойлашиб олдим. Энди ўзимни кўрсатиб, яхши натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз.
- Кетишдан аввал Қувайт футболи ҳақида қандай маълумотларга эга бўлдингиз?
- Менда бу борадаги маълумотлар у қадар кўп эмасди. Фақат instagram орқали кузатиб тургандим. Қанақа чемпионатлигини ўйнаб туриб биламиз.
- Янги клубда қайси рақамни танладингиз ва клубни мақсади қандай?
- Худо хоҳласа, 4-рақам бўлиши мумкин. Шуни кутяпмиз. Бугун қайси рақам деб сўрашди ва мен «4» дедим.