Шахмат Олимпиадасида Исроилнинг икки жамоасига техник мағлубият ёзилди
Самарқандда давом этаётган 46-Жаҳон шахмат Олимпиадасида Исроилнинг эркаклар ва аёллар терма жамоалари 6-тур учрашувларида иштирок этмади. Бунга яҳудийларнинг Йом-Киппур диний байрами сабаб бўлди. Натижада ҳар икки жамоага 0:4 ҳисобида техник мағлубият ёзилди.
Исроил эркаклар терма жамоаси Нидерландияга, аёллар жамоаси эса Болгарияга қарши дона суриши керак эди. Исроил томони учрашувларни Тошкент вақти билан 19:30 дан кейин ёки дам олиш кунига кўчиришни таклиф қилган, бироқ рақиб жамоалар бунга рози бўлмаган. Шундан сўнг Исроил вакиллари 6-тур ўйинларига келмаган.
Қизиқ томони, 5-турда Исроилнинг рақиблари — эркаклар баҳсида Сингапур, аёллар ўртасида эса Колумбия — учрашув вақтини ўзгартиришга рози бўлган эди. FIDE ўша баҳсларни одатдаги жадвалдан олдинроқ, алоҳида жойда ўтказган ва шу тариқа Исроил шахматчиларига Йом-Киппурни нишонлаш имконияти яратилган.
Маълумот учун, 46-Жаҳон шахмат Олимпиадаси Самарқандда 15–27 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Мусобақа 11 турдан иборат. Ўзбекистон турнирда учта эркаклар ва учта аёллар терма жамоаси билан иштирок этмоқда.