“Севилья” ҳужумчиси голни нишонлагани учун майдондан четлатилди
Испаниянинг “Севилья” клуби ҳужумчиси Исаак Ромеро Ла Лиганинг 8-турида “Леванте”га қарши учрашувда гол урганидан сўнг қизил карточка олди. 26 ёшли футболчи голни нишонлаш вақтида рақиб жамоа мухлисларига нисбатан провокацион ҳаракат қилгани учун майдондан четлатилди.
Ромеро учрашувнинг 90+5-дақиқасида гол уриб, “Севилья”ни 3:2 ҳисобида олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг у бармоғини лабига қўйиб, мезбон жамоа мухлисларини жим бўлишга ундади. Бош ҳакам Адриан Кордеро Вега ушбу ҳаракатни провокация деб баҳолаб, ҳужумчига иккинчи сариқ карточкани кўрсатди.
Қизил карточка олган Ромеро майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Орадан беш дақиқа ўтиб, “Леванте” футболчиси Ифеани Ндукве ҳисобни тенглаштирди. Натижада учрашув 3:3 ҳисобида якунланди ва “Севилья” сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқарди.
Маълумот учун, “Севилья” 8 турдан сўнг 14 очко билан Ла Лига турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди. “Леванте” эса 6 очко билан 17-поғонада жойлашган. Исаак Ромеро жорий мавсум Испания чемпионатида 6 та учрашувда майдонга тушиб, 1 та гол ва 1 та голли узатмани амалга оширган.