\"Селтик\" Чемпионлар лигасида порлаган Каспер Хёгни ўз сафига қўшмоқда
Шотландиянинг "Селтик" клуби Норвегиянинг "Будё/Глимт" жамоаси ҳужумчиси Каспер Хёг трансфери бўйича келишувга эришди.
Sky Sports хабарига кўра, томонлар клуб тарихидаги рекорд даражадаги трансфер суммаcи бўйича келишиб олган. 25 ёшли даниялик футболчи яқин кунларда тиббий кўрикдан ўтиб, узоқ муддатли шартнома имзолаши кутилмоқда.
Каспер Хёг сўнгги мавсумларда "Будё/Глимт" сафида юқори савияда ҳаракат қилиб, ички чемпионат ва Европа мусобақаларида сермахсул ўйин намойиш этди. У, айниқса, УЕФА Чемпионлар лигасидаги самарали иштироклари орқали кўплаб Европа клубларининг эътиборини тортган эди.
Мазкур трансфер "Селтик"нинг ҳужум чизиғини кучайтиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Клуб раҳбарияти Хёгни жамоани тарк этган Дайзен Маеданинг муносиб ўринбосари сифатида кўрмоқда.