Секо Фофана Кот-д’Ивуар терма жамоасидаги фаолиятини якунлади
Фофана хайрлашув мурожаатида терма жамоа сафида мамлакати шарафини ҳимоя қилганидан фахрланишини таъкидлади.
Фото: Getty Images
“Порту” ярим ҳимоячиси Секо Фофана Кот-д’Ивуар терма жамоасидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди. 31 ёшли футболчи бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали маълум қилди.
Фофана хайрлашув мурожаатида терма жамоа сафида мамлакати шарафини ҳимоя қилганидан фахрланишини таъкидлади. У Африка Кубогини қўлга киритиш болаликдаги орзуларидан бири бўлганини ва бу хотиралар умрбод сақланиб қолишини қайд этди.
Футболчи Кот-д’Ивуар билан 2023-йилги Африка Миллатлар Кубогида чемпион бўлган. Турнир 2024-йилда ўтказилган бўлиб, финалда Кот-д’Ивуар Нигерияни 2:1 ҳисобида мағлуб этган. Фофана мусобақанинг очилиш ўйинидаёқ Гвинея-Бисау дарвозасига гол урган эди.
Маълумот учун, Секо Фофана Кот-д’Ивуар терма жамоаси сафида жами 35 та учрашув ўтказган.