Саудияликлар Салоҳнинг трансферини қачон якунлаши маълум бўлди
Саудия Арабистони Про-лигаси раҳбарияти келаси ёзда «Ливерпул» қанот ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳни трансфер қилиш бўйича мамлакатнинг етакчи клублари билан фаол музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда TEAMtalk нашри хабар бермоқда.
Аввалроқ 33 ёшли вингер учун асосий даъвогар сифатида «Ал Иттиҳод» кўрилаётган эди, бироқ ҳозирда даъвогарлар сафида Криштиану Роналду тўп сураётган «Ан Наср» клуби ҳам борлиги айтилаяпти.
Манбанинг маълум қилишича, Саудия Про-лигаси мутасаддилари мисрлик юлдузнинг трансферини ёзги трансфер ойнаси очилиши биланоқ якунлашни мақсад қилган. Улар ушбу трансфернинг ёз охиригача давом этадиган узоқ ва чарчоқ «сага»га айланиб кетишини хоҳлашмаяпти.
«Ливерпул» раҳбарияти оммавий баёнотларда Салоҳни лойиҳанинг муҳим қисми деб атаётган бўлса-да, клуб ичида ёзги трансфер ойнасида ҳужумчининг кетишига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.