Саудияликлар Гринвуд учун 100 миллион евро таклиф қилди
«Марсел» ҳужумчиси Мейсон Гринвудга Саудия Арабистонининг «Неом» клуби жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Footmercato нашри хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, «Неом» франсуз клубига 100 миллион евролик расмий таклиф юборган. Саудия жамоасини Гринвуднинг босим остидаги ўйинларда ҳам барқарор ва ишончли ҳаракат қилиши ҳайратга солган.
Улар англиялик футболчини ҳужум чизиғининг етакчиси бўла оладиган идеал номзод деб ҳисоблашмоқда. Айтишларича, «Неом» футболчи учун курашда исталган клуб билан рақобатлаша олади.
Гринвуднинг «Марсел» билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг июнигача мўлжалланган. Жорий мавсумда у барча турнирлар доирасида 19 та ўйин ўтказиб, 11 та гол ва 4 та голли узатма қайд этди. Transfermarkt маълумотларига кўра, унинг бозор қиймати 40 миллион еврони ташкил қилади.