Саудия клублари Салоҳга йилига 170 миллион евролик шартнома таклиф қилмоқда
«Ливерпул» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ Саудия Арабистонидаги клублар учун энг муҳим трансфер нишонларидан бири бўлиб қолмоқда. TBR Football хабарига кўра, 33 ёшли мисрлик футболчига йилига тахминан 150 миллион фунт стерлинг (170 миллион евро) миқдорида маош таклиф этилмоқда.
Манбага кўра, Салоҳга нафақат улкан молиявий шартнома, балки келажакда клубдаги улушга эга бўлиш ҳуқуқи ҳамда мамлакатнинг туризм элчиси мақоми ҳам таклиф қилинмоқда.
Агар Салоҳ ушбу таклифни қабул қилса, у «Ан Наср» ҳужумчиси Криштиану Роналду билан бир даражадаги даромадга эга бўлади. Португалиялик юлдузнинг йиллик маоши қарийб 175 миллион фунт стерлинг (200 миллион евро)ни ташкил этади.
Жорий мавсумда Салоҳ барча мусобақалар доирасида 13та ўйинда майдонга тушиб, 4та гол урди ва 3та голли узатмани амалга оширди. Унинг «Ливерпул» билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Transfermarkt портали маълумотига кўра, футболчининг бозор қиймати 45 миллион еврони ташкил этади.