Сардор Маҳмудов: «3 очконинг қадри ошиб кетди»
Про лиганинг аввалги турида "Металлург" дарвозасини ишғол қилган Сардор Маҳмудов бугун учрашув ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- Ҳозирги пайтда ҳеч қайси рақибга қарши хотиржам майдонга чиқа олмайсиз. Осон ўйиннинг ўзи йўқ. FarDU жамоа сифатида яхши шакллангани ҳеч кимга сир эмас. Бугун рақибимиз мусобақа жадвалида бизни таъқиб қилаётгани 3 очко қадрини яна ҳам ошириб юборади. Худо хоҳласа, мухлисларни хурсанд қилиш учун чиқамиз майдонга.
- Мураббийлар штабидан кейин тактик схема ҳам алмашди. Бу қийинчилик туғдирмаяптими сизга?
- Янгича қарашларга мослашиш, тактикани ўрганиш ташқаридан кўринганидек осон иш эмас. Буни барча футболчилар билади. Вақт қисқа бўлишига қарамасдан, Юрий Анваровичнинг ғояларини майдонда кўрсатишга бор кучимиз билан ҳаракат қилаяпмиз. Насиб этса, ўйиндан ўйинга фақат прогресс бўлади.
- Мавсум давомида ҳар иккала қанот ҳимоячиси ва вингери сифатида кўрдик. Ўзингиз учун энг қулай позиция қайси?
- Мен ўзимни майдонда қулай ҳис қиламан. Қайси нуқтасида бўлишим муҳим эмас. Билдиралган ишончни оқлаш учун ҳаракат қиламан.