«Сантос» ўз майдонида йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритди, Неймардан гол ва ассист
Бразилия чемпионатининг 36-турида «Сантос» ўз майдонида «Спорт Ресифи»ни қабул қилди ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. «Вила Белмиро»даги беллашув бошидан охиригача мезбонлар устунлигида ўтди.
Ҳисоб 25-дақиқада очилди — Неймар жамоасини олдинга олиб чиққан голни урди. Танаффус арафасида эса меҳмонлар ҳимоячиси Лукас Кал ноқулай ҳаракат қилиб, тўпни ўз дарвозасига йўллади ва натижа 2:0 бўлди. Иккинчи бўлимда Жоау Шмидт Неймарнинг бурчак зарбасидан кейин тўпни дарвозага киритиб, учинчи гол муаллифига айланди.
Эътиборлиси, 33 ёшли Неймар бир неча кун аввал «Мирасол»га қарши ўйиннинг охирида жароҳат олган ва мавсумни эрта якунлаб қўйиши ҳам мумкин эди. Шунга қарамай, тажрибали ҳужумчи мураккаб паллада жамоасини қўллаб-қувватлаш учун майдонга тушди ва ғалабага ўз ҳиссасини қўшди.
Мазкур натижадан сўнг «Сантос» очколарини 41 тага етказиб, турнир жадвалида 15-ўринга кўтарилди. Аммо хавф ҳануз бор — тушиб кетиш зонасидаги «Витория» (39 очко) бир ўйин кам ўтказган.