«Сантос» Неймарни Жаҳон чемпионатига тайёрлаш режасини ишлаб чиқди
Бразилиянинг «Сантос» клуби ўз етакчиси Неймар хизматидан максимал даражада фойдаланиш ва уни ЖЧ-2026 турнирига энг яхши спорт формасида олиб бориш стратегиясини ишлаб чиқди. Бу ҳақда Globo нашри хабар бермоқда.
Катта турнир бошлангунига қадар жамоа жами 14 та учрашувда майдонга тушади. Клуб раҳбарияти ҳужумчини ушбу ўйинларнинг 13 тасига жалб этишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, футболчининг жисмоний ҳолати доимий назоратда бўлади.
Ягона истисно сифатида «Сантос»нинг келаётган чоршанба куни Жанубий Америка кубоги доирасида «Депортиво Куэнка»га қарши ўтказадиган баҳси кўрсатилган. Қолган учрашувларда Неймарнинг иштирок этиши индивидуал тарзда баҳоланади ва асосан муҳим ўйинларга алоҳида эътибор қаратилади.
Манбанинг қўшимча қилишича, бразилиялик юлдуз айни пайтда кунига икки маҳалдан кучайтирилган тартибда машғулот ўтказмоқда. Неймарнинг асосий мақсади — бўлажак Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этиш.