locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Санти Касорла профессионал футболчилик фаолиятини якунлаганини маълум қилди

41 ёшли футболчининг «Реал Овийедо» билан шартномаси 30 июнь куни ўз ниҳоясига етди. Шундан сўнг Касорла ҳиссиётларга бой хайрлашув мурожаатини эълон қилди.
Футбол
Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Санти Касорла профессионал футболчилик фаолиятини якунлаганини маълум қилди
photo: gettyimages

Испаниялик тажрибали яримҳимоячи Санти Касорла профессионал футболчилик фаолиятини якунлаганини маълум қилди.

41 ёшли футболчининг «Реал Овийедо» билан шартномаси 30 июнь куни ўз ниҳоясига етди. Шундан сўнг Касорла ҳиссиётларга бой хайрлашув мурожаатини эълон қилди.

«Ҳаётда ҳамма нарса тугайди, деб ўйлаймиз. Аммо айрим ҳикоялар ҳеч қачон якунланмайди, улар шунчаки яна бошига қайтади. Менинг ҳикоям ҳам оддий футбол майдонида, шунчаки футбол ўйнашни орзу қилган бола сифатида бошланган эди.

Фаолиятим давомида унутилмас лаҳзаларни ҳам, оғир синовларни ҳам бошдан кечирдим. Лекин ҳеч қачон таслим бўлмадим. Охир-оқибат уйимга қайтдим ва нега футболни севиб қолганимни яна бир бор ҳис қилдим.

Энди бутсаларимни михга илиб қўяман. Ҳаммаси сеҳр бошланган жойда якун топди. Чунки айрим ҳикоялар тугамайди, улар абадий яшайди», — деди Касорла.

Эслатиб ўтамиз, Санти Касорла «Реал Овийедо» тарбияланувчиси ҳисобланади. У фаолияти давомида «Вильярреал», «Рекреативо», «Малага», «Арсенал» ва «Ас Садд» клублари сафида ҳам тўп сурган.

Маълумот учун, Касорла «Арсенал» билан Англия Кубоги ва Англия Суперкубогини уч маротаба қўлга киритган. Испания миллий жамоаси сафида 81 та учрашувда майдонга тушиб, 15 та гол урган ҳамда 2008 ва 2012 йилларда Европа чемпионига айланган.

Спорт — бир босишда!
Жамиятларимизга обуна бўлинг ва спорт воқеаларидан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг