Самвел Бабаян: Афсуски, рақиб мураббийи томонидан футболчиларига кескин ўйнаш бўйича кўрсатмалар берилган ва бундай ҳаракатлар нотўғри
Андижон бош мураббийи Самвел Бабаян кеча “Шахтёр”га қарши бўлиб ўтган, аммо якунига етмай қолган баҳс борасида клуб матбуот хизматига шундай деди:
“Ўртоқлик ўйини мавсумга тайёргарлик кўриш, ўйинни ташкил қилиш, футболчиларни тайёргарлигини билиш мақсадида ўтказилади. Биринчи навбатда чемпионат давомида ўйинчилар соғ-саломат, жисмонан бақувват ҳолатда ўйнашлари учун тайёргарлик жараёнлари олиб борилади. Яъни, қишки йиғиндаги барча эътибор мавсумга қаратиляди.
Афсуски, рақиб мураббийи томонидан футболчиларига кескин ўйнаш бўйича кўрсатмалар берилган ва бундай ҳаракатлар нотўғри. Рақиб мураббийи кўрсатмаси футболчиларимизнинг жиддий жароҳат олишларига сабаб бўлди. “Шахтёр” ўйинчилари жуда қўпол ҳаракатлари натижасида икки футболчимиз жароҳат олди. Футболда рухсат этилмаган бундай ҳолатларга йўл қўйиб бўлмайди. Бу футбол қонун-қоидаларига ҳам тўғри келмайди. Доим фейр-плей тамойилига амал қилиш керак.
Яхшиямки, ўйинчиларимиз ҳолати яхши. Раҳбарият, тиббиёт ходимлар штаби кечаси билан ўйинчиларимизнинг ҳолатини назорат қилдик, текширувлар ўтказдик ва керакли ишларни амалга оширдик. Худога шукрки, уларнинг аҳволи яхши. Абдулвоҳид Ғуломов операция қилинди. Абдураҳмон Комиловнинг ҳолати қониқарли. Тез кунларда уларни соғайиб кетишига ишонч билдираман. Тайёргарлигимизни кейинги жараёнида жамоамиз билан бундай муаммоли ҳолатлар юзага келмайди, деб умид қиламан”, - дейди Самвел Вячеславович.