Самарқанд вилоятида спорт синовларини муваффақиятли топширганлар тантанали равишда тақдирланди
Самарқанд вилоятида аҳолининг жисмоний фаоллик даражасини ошириш мақсадида 30 ёшдан 70 ёшгача бўлган ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш” спорт синовлари қабул қилинган эди. Мазкур жараённинг навбатдаги муҳим босқичи сифатида белгиланган талабларни муваффақиятли топширган фуқароларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Жорий йилда вилоятдаги 1081 та маҳаллада истиқомат қилувчи 30 ёшдан 70 ёшгача бўлган ва ундан катта ёшдаги аҳоли ўртасида спорт синовлари қабул қилинди. Мазкур синовларда жами 32 552 нафар фуқаро фаол қатнашиб, 1-, 2- ва 3-даражали кўкрак нишонларига сазовор бўлдилар.
Тантанали тақдирлаш маросимида Самарқанд вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Нурманов иштирок этиб, спорт синовларини муваффақиятли топширган фуқароларга кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Тадбир давомида аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, спортни кенг оммалаштириш, ёшлар ва кекса авлод вакилларини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш борасидаги ишлар давом эттирилиши таъкидланди.