Салоҳ «Ливерпул»ни мавсум охирида эркин агент сифатида тарк этади — манба
«Ливерпул» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ амалдаги шартномаси 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланганига қарамасдан, жорий мавсум якунида клубни эркин агент сифатида тарк этади. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс хабар бермоқда.
Манбанинг маълум қилишича, «мерсисайдликлар» 33 ёшли футболчи билан амалдаги келишувни бекор қилиш борасида ўзаро келишувга эришган. Бу ҳолат 2024 йилда жамоани тарк этган собиқ бош мураббий Юрген Клопп билан боғлиқ вазиятга ўхшашдир. Ўшанда Клоппнинг ҳам клуб билан 2026 йилгача шартномаси бор эди, бироқ томонлар уни муддатидан аввал тўхтатишга қарор қилишган.
Эслатиб ўтамиз, Салоҳ ва «Ливерпул» сешанба куни, 24 мартда ўзаро ҳамкорликни мавсум якунида тўхтатишларини расман эълон қилишган эди. Мисрлик вингер 2017 йилдан буён жамоа шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.