Саидумархон Саиднурўллаев — «Металлург» футболчиси
Янги мавсумга тайёргарликни давом эттираётган «Металлург» таркибни шакллантириш, кучайтириш ишларини ҳам жадал суръатларда олиб бормоқда.
Жумладан, ҳужумкор ярим ҳимоячи Саидумархон Саиднурўллаев янги мавсумни сафимизда ўтказадиган бўлди.
Ўтган йили бўлиб ўтган U-23 Осиё Кубоги чорак финалчиси, яқинда Саудия Арабистони мезбонлик қилган U-23 Осиё Кубогида жамоамизни майдонга сардор сифатида бошлаб тушди. Саидумархон Саиднурўллаев юртимизнинг энг умидли ёшларидан бири ҳисобланади.
20 ёшли Саидумархон фаолияти давомида Тошкентнинг "Пахтакор" ҳамда "Андижон" клублари шарафини ҳимоя қилган.
Эслатиб ўтамиз, Саидумархон Саиднурўллаев ўтган мавсум "Андижон" клуби сафида ҳаракат қилди. Суперлигaнинг 10 та ва Ўзбекистон Кубоги доирасидаги 1 та учрашувда майдонга тушган ярим ҳимоячи 2 та гол урди ва 3 та ассист муаллифига айланди. Шунингдек, футболчи андижонликлар сафида Осиё Чемпионлар Лигаси учрашувларида (4) ҳам ўзининг ёрқин ўйини билан ажралиб тура олди.
"Иқтидорли ярим ҳимоячи янги мавсумда жамоамиз ғалабаларига муносиб ҳисса қўшишига ишониб қоламиз ва Саидумархон Саиднурўллаевга омад ёр бўлишини тилаган ҳолда бекободликлар сафига хуш келибсан деймиз.
Саидумархон Саиднурўллаев
Туғилган санаси: 13.04.2005
Туғилган жойи: Андижон
Бўйи: 1.78
Амплуаси: Ярим ҳимоячи
Ўйнаган жамоалари: "Пахтакор", "Андижон".