Рустам Хўжаев: “Иккала жамоанинг ҳам ўйиндан кўзлаган мақсади бор”
“Хўжанд” ва “Андижон” (1:1) жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўртоқлик учрашувидан сўнг Тожикистон жамоаси устози Рустам Хўжаев “Андижон” матбуот хизмати саволларига жавоб қайтарди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз қандай?
- Аввало, Ўзбекистон миллий терма жамоасини тарих яратиб жаҳон чемпионатига чиққанлиги билан табриклайман. Ўйинга келсак, бу дўстлик, бу ўртоқлик учрашуви эди. “Андижон” ҳам, “Хўжанд” ҳам ўз мақсадига эга. FIFA кунларидаги танаффусда бизга ўйин керак эди. “Андижон” келгани ва ушбу учрашувни ўтказганимиз учун раҳмат. Жамоамизга ўйин амалиёти керак эди. Ярим соатдан тўртта тайм ўйнадик. Бу ўйин чемпионат давомида бизга ёрдам беради.
- 1:1 натижаси ўйинга мос бўлди, деб ўйлайсизми?
- Ҳамма майдонга чиқиб ғалаба учун курашади. Бироқ доим ҳам биз хоҳлагандек бўлмайди. Яхши ўйин кўрдик. Икки томон ҳам учрашувдан кўзланган мақсадига эришди. Табиийки, биз ғалабани хоҳладик. Аммо “Андижон” ҳам ютмоқчи эди. Бу футбол. Албатта, 1:1 натижасини ўйинга мос бўлди, деб айтиш мумкин.
- “Андижон” сизда қандай таассурот қолдирди?
- “Андижон” таркибида ўзгаришлар бор эди. Лекин ўйинчиларнинг маҳорати борлиги кўриниб турибди. Бундай ўртоқлик учрашувларида турли таркиблардан фойдаланилади ва қайси таркиб оптимал эканини билмаймиз. Аммо рақиб анча тажрибали.
- Сиз учун энг яхши футболчи ким бўлди?
- Бу учрашувда энг яхши ўйинчи – иккинчи дарвозабонимиз Мўйдинов. Ёш посбон менга ёқди.
- “Хўжанд” таркибида ўзбекистонлик футболчилар бор ва улар сизга ёқяптими? Яна янги ўзбекистонлик легионерлар пайдо бўлиши мумкинми?
- Ҳа, бизда уч нафар ўзбекистонлик легионерлар бор. Ислом Тошпоʻлатов бу баҳсда ўйнамаган, иккитаси майдонга тушди. Асилбек Бегимқулов, Фирдавс Абдусалимов майдонга тушишди. Бу легионерлар бизга ёқади. Иккинчи даврада балки яна янги ўйинчилар келишлари ҳам мумкин.