Рустам Ашурматов: «Ҳар бир ўйинга бор кучимиз билан тайёргарлик кўрамиз»
Ўзбекистон миллий терма жамоаси БААда машғулотларни бошлади. Рустам Ашурматов олдинда турган баҳслар ҳақида УФA расмий сайтига фикр билдирди:
“Кайфият зўр, мана машғулотларни ҳам бошлаб олдик. Кеча ҳам шуғулланганмиз. Ҳолатимиз яхши. Худога шукур, жароҳатлар йўқ. Босим йўқ, сабаби бу босқичда ҳар бир ўйин ўзига яраша муҳим бўлган ва бу учрашув ҳам худди шундай. Ҳеч қайси баҳсни алоҳида ажратиб кўрсатмаймиз ва ҳар бир ўйинга бор кучимиз билан тўлиқ тайёргарлик кўрамиз. Майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз ҳамда ўйлайманки бу бизни қўлимиздан келади. Жамоамизни кучи ғалаба учун майдонга чиқишга бемалол етади”,-дейди терма жамоамиз ҳамда “Рубин” ҳимоячиси Рустам Ашурматов
Эслатиб ўтамиз Ўзбекистон миллий терма жамоамиз Дубайда машғулотларни давом эттирмоқда ва 5 июн куни Бирлашган Араб Амирликларига қарши Жаҳон чемпионати саралаши сўнгги босқичи доирасидаги муҳим учрашувни ўтказади. Ушбу баҳсда энг камида бир очко қўлга киритилиши терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионати йўлланмасини нақд қилиши учун етарли бўлади.