Русланбек Жиянов: «Навбаҳор”нинг юбилей голини урганимдан хурсандман»
Суперлиганинг 12-туридан ўрин олган, 17 июль куни Тошкентдаги “Олимпия” стадионида бўлиб ўтган “Навбаҳор” – ОКМК (2:3) учрашувида жамоамиз юбилей – 1600-голини урди ва ушбу голга жамоамиз ярим ҳимоячиси Русланбек Жиянов муаллифлик қилди.
Шу муносабат билан 25 ёшли маҳоратли футболчидан интервью олди.
- “Навбаҳор” нафақат мамлакатимиз, балки Осиё қитъаси ҳамда собиқ иттифоқ давлатларида ҳам таниқли, Суперлигамизнинг “Пахтакор” билан биргаликда икки мунтазам иштирокчисидан бири, шунингдек, юртимизнинг энг совриндор клубларидан бири бўлганлиги боис, жамоанинг юбилей голи муаллифига айланиб, “Навбаҳор” тарихида қолганимдан хурсандман.
Ўша юбилей гол борасида тўхталадиган бўлсам, уни жамоамизнинг ажойиб комбинациясидан сўнг, урдим. Ўшанда рақиб жарима майдончаси яқинида тўпни жамоадошим Аббосжон Ғуломовдан қабул қилиб, жарима майдончаси ташқарисидан зарба йўллаб, дарвозани аниқ нишонга олган ҳолда, ҳисобни очишга муваффақ бўлдим. Афсуски, учрашув якунида аламли тарзда мағлубиятга учрадик.Лекин бунга лойиқ эмасдик.
Энди 23 июль куни “Қизилқум”га қарши кечадиган беллашувда ғалаба қозониб, мухлисларга қувонч улашиш ниятидамиз.
ОКМК дарвозасига урган ушбу голим “Навбаҳор”нинг юбилей -1600-голи эканлигини билганимдан кейин жуда хурсанд бўлдим.
Жорий мавсумда ишқибозларга қувонч улашиш, ижобий натижаларни қайд этиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Фақат мухлислар бизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришса бўлгани, - деди Русланбек Жиянов.