locale ЎЗ
OZ - o'zbekcha ЎЗ - ўзбекча

Клуб раҳбарияти - ёшлар орасида: Шаҳрихондаги тарбияланувчилар кичик майдондан катта ареналари сари

Тўгарак мураббийи Низомов Муҳаммадкомилжон ўз меҳнати ва фидойилиги билан ёшлар қалбида спортга бўлган муҳаббатни уйғота олган мутахассислардан.
Футбол
Sports24.uz'ни Google'га қўшиш
Руководство клуба — среди молодежи: воспитанники Шахрихана от малых площадок к большим аренам
photo: Andijon fk

Клуб раҳбарияти - ёшлар орасида: Шаҳрихондаги тарбияланувчилар кичик майдондан катта ареналари сари

Маълумки, Муҳтарам Президентимизнинг “Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги ПҚ-443-сонли қарори юртимизда ёшлар сиёсатида мутлақо янги босқични бошлаб берди. Ушбу қарорга мувофиқ, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгилангани эса соғлом турмуш тарзини оммалаштиришда муҳим қадам бўлди.

Айнан шу эзгу мақсадлар йўлида “Андижон” футбол клуби ҳам амалда фаол иштирок этиб, жойларда футбол мактаблари ва тўгараклар тарбияланувчилари билан учрашувлар ўтказиб келмоқда. Бундай учрашувлар нафақат ёшларга руҳий кўтаринкилик бағишлайди, балки уларнинг келажакдаги катта спорт сари қадамларини мустаҳкамлайди.

Шундай учрашувлардан бири бугун Шаҳрихон туманида бўлиб ўтди. Бу ердаги Холдонбек ҳудудида жойлашган 3-сонли техникум қошидаги “Истиқлол” футбол тўгараги сўнгги йилларда иқтидорли ёшларни тарбиялаб келаётган масканлардан бирига айланган. Уч йил муқаддам ташкил этилган ушбу тўгарак бугунги кунда ўз самарасини бермоқда.

Тўгарак мураббийи Низомов Муҳаммадкомилжон ўз меҳнати ва фидойилиги билан ёшлар қалбида спортга бўлган муҳаббатни уйғота олган мутахассислардан. Қувонарлиси, бу ерда тарбия топган илк шогирдлардан бири бугун “Андижон” жамоаси шарафини ҳимоя қилаётган футболчи Муҳаммадкарим Тоиpoвдир. Унинг бугунги ютуқлари ортида айнан шу кичик тўгаракда қўйилган мустаҳкам пойдевор ётгани бежиз эмас.

“Андижон” клуби раҳбарияти, Андижон футбол ассосиацияси вакили, фан-клуб раиси ва жамоа аъзолари ушбу масканга ташриф буюриб, ёш футболчилар билан самимий мулоқот ўтказдилар. Учрашув давомида болаларга мотивацион руҳдаги суҳбатлар ўтказилиб, катта спортга интилиш, интизом ва меҳнатнинг аҳамияти ҳақида қимматли тавсиялар берилди.

Шунингдек, клуб томонидан ёш спортчиларга зарур спорт анжомлари тақдим этилди. Бу эса улар учун нафақат амалий ёрдам, балки катта ишонч ва эътибор рамзи сифатида қабул қилинди.

Энг муҳими, ташриф давомида болалар шуғулланаётган футбол майдони ва мавжуд шароитлар атрофлича ўрганилди. Клуб раҳбарияти ушбу ҳудудда инфратузилмани янада яхшилаш, замонавий шарт-шароитлар яратиш борасида аниқ чора-тадбирларни белгилаб олди. Бу эса келгусида янада кўплаб иқтидорли ёшларни кашф этишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Зеро, катта чемпионлар айнан шундай оддий, аммо орзуларга бой масканларда шаклланади. Шаҳрихондаги бу учрашув эса яна бир бор шу ҳақиқатни исботлади: эътибор ва имконият бўлса, ҳар бир ҳудуддан янги юлдузлар порлайди.

Иброҳим Жалолов
Иброҳим Жалолов
Редактор
Sports24.uz Бизни кузатинг
Асосий воқеаларни кузатиб боринг! Янгиликлар, натижалар ва спортдаги энг ёрқин лаҳзалар. Кузатинг ва энг муҳим воқеалардан хабардор бўлинг!
Изоҳлар
Изоҳ қолдириш учун рўйхатдан ўтинг