Ўртоқлик ўйини. «Андижон» Тожикистон клубини мағлуб этди
«Андижон» Тожикистонда давом этаётган ёзги ўқув-машғулот йиғини доирасида Тожикистон олий лигаси вакили «Эсхата» клубига қарши дастлабки назорат учрашувида иштирок этди.
Бош мураббий Максим Шацких иккала таймда икки хил таркибни майдонга туширди. Янги ўйинчилар ҳам «Андижон»даги норасмий баҳсда дебютини ўтказдилар.
Ўйин қизиқарли ва ҳужумкор руҳда ўтди. Учрашувда жамоамиз тезкор гол урди. Дамир Темировнинг пасидан сўнг Саидумархон Саиднуруллаев усталик билан рақиб дарвозасини ишғол қилди. 12-дақиқада «Эсхата» вакиллари мувозанатни тиклаганидан сўнг яна «Андижон»да голли ҳужумлар содир бўлди. Дамир Темиров жуда қулай вазиятдан фойдалана олмади. Кейинчалик Усмонали Исмоналиев гол урдию, бироқ офсайд деб топилди. Шунга қарамай, жамоамизни майдонга сардор сифатида бошлаб тушган Усмоналиев 17-дақиқада барибир ўз мақсадига эришди. У биринчи гол муаллифи Саиднуруллаевнинг ажойиб пасидан сўнг рақиб дарвозасини ишғол қилди.
Биринчи бўлимда бошқа гол урилмади. Қолгани танаффусдан кейин юз берди. Иккинчи таймда бошқа таркиб майдонга туширилди ва сардорлик боғичи Сардор Азимовга ўтди. Ташаббус эса тўлиқ жамоамиз томонига ўтди. Аввалига Шохжаҳон Ёрқинбоев, орадан кўп ўтмасдан Дониёр Абдуманнопов ўзларини кўрсатишган ҳолда рақиб дарвозасини ишғол қилдилар. Ўйиндаги охирги гол «Эсхата» томонидан киритилди. Умумий қилиб айтганда, ўйиндаги устунлик натижада акс этди.
Шундай қилиб, «Андижон» ёзги йиғинидаги биринчи назорат учрашувида 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа кейинги ўйинни 22 июль куни Тожикистоннинг бошқа бир клуби – «Истаравшан»га қарши ўтказади.
«Андижон» - «Эсхата» – 4:2 (2:1).
Голлар: Саидумархон Саиднуруллаев, 2 - 1:0. Рустам Сабуров, 12 - 1:1. Усмонали Исмоналиев, 17 - 2:1. Шохжаҳон Ёрқинбоев, 57 - 3:1. Дониёр Абдуманнопов, 60 - 4:1. Иброҳим Эшонхонов, 66 - 4:2.