Россия Премьер-Лигасида илк бор ўзбекистонлик футболчи қолмади
Россия чемпионатлари тарихида илк бор Премьер-лигада ҳам, Биринчи лигада ҳам ўзбекистонлик футболчи қолмади.
Аббосбек Файзуллаев ҳали расман ЦСКА аъзоси бўлиб турса-да, у жамоа билан машғулотларни Туркияда олиб бормоқда. Унинг ортидан эса «Акрон» жамоаси Шерзод Эсанов билан хайрлашди — шу билан Россиянинг икки юқори дивизионида ҳамюртимиз қолмади.
Иккинчи лига ва ундан паст дивизионларда эса легионерларга тақиқ мавжуд. Медиа-футбол жамоаларида ўзбекистонликлар (масалан, Виталий Денисов) учраса-да, бу лига ҳозирча профессионал мақомга эга эмас.
Transfermarkt маълумотларига кўра, 1992 йилдан бери ҳар мавсум Россиянинг юқори лигасида камида икки нафар ўзбекистонлик футболчи тўп сурган. Энг «кам» мавсум — 1997 йил бўлган, ўшанда РПЛда фақат Сергей Лущан ва Андрей Резанцев, иккинчи дивизионда эса Максим Шацких ҳаракат қилган.
Шу билан бирга, 2024 йил тарихий дебютлар билан эсда қолмоқда: ўзбекистонлик футболчилар илк бор Англия ва Белгия чемпионатларида ҳаракат қилмоқда, яқин кунларда Испанияда ҳам дебют кутилмоқда.