Роналду Жаҳон чемпионати саралаш босқичларида урилган голлар сони бўйича мутлақ рекорд ўрнатди
Португалия миллий жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Жаҳон чемпионати саралаш босқичларида урилган голлар сони бўйича мутлақ рекорд ўрнатди.
ЖЧ-2026 саралаши доирасида Португалия Венгрия билан баҳс олиб бориб, якунда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашувда Роналду дубль қайд этди ва саралашдаги голлари сонини 41 тага етказиб олди.
Шу тариқа, у илгари 39 та гол билан рекордчи ҳисобланган гватемалалик Карлос Руисни ортда қолдирди ва эндиликда Жаҳон чемпионати саралашлари тарихидаги энг яхши тўпурарга айланди.
1. Криштиану Роналду (Португалия) — 41 та гол
2. Карлос Руис (Гватемала) — 39 та гол
3. Лионель Месси (Аргентина) — 36 та гол
4. Али Даеи (Эрон) — 35 та гол
5. Роберт Левандовски (Польша) — 33 та гол
Эслатиб ўтамиз, Роналду ҳозирда Саудиянинг «Ан Наср» клуби шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Томонлар ўртасида тузилган амалдаги шартнома 2027 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.