Роналду Instagram’даги битта реклама пости орқали қанча даромад олади?
“Ал-Наср” ҳужумчиси Криштиану Роналду ижтимоий тармоқлардаги реклама фаолияти орқали ҳам катта даромад олади. The Touchline хабарига кўра, португалиялик футболчининг Instagram’даги битта реклама пости қиймати қарийб 3,3 миллион еврога баҳоланади.
Роналду айни пайтда Instagram’да дунёдаги энг кўп обуначига эга шахс ҳисобланади. Унинг саҳифасини қарийб 680 миллион фойдаланувчи кузатади. Шундай катта аудитория футболчининг реклама бозоридаги қийматини ошириб, йирик компаниялар учун уни энг талабгир спортчилардан бирига айлантирган.
Ҳисоб-китобларга кўра, Роналду битта реклама пости орқали айрим профессионал футболчиларнинг бир йиллик маошидан ҳам кўпроқ даромад олиши мумкин. Бироқ реклама шартномаларининг тафсилотлари очиқ эълон қилинмагани сабабли 3,3 миллион евролик кўрсаткич тахминий баҳо ҳисобланади ва ҳамкорлик шартларига қараб ўзгариши мумкин.
Маълумот учун, 41 ёшли Роналду “Ал-Наср”даги маошидан ташқари реклама ва ҳомийлик шартномалари орқали ҳам катта даромад олади. Португалиялик футболчи йиллар давомида дунёнинг энг юқори даромад топадиган спортчилари қаторидан жой олиб келмоқда.