Роналд Араухо ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидаги ўйинларни тўлиқ ўтказиб юбориши мумкин
«Барселона» клуби ва Уругвай терма жамоаси ҳимоячиси Роналд Араухо катта эҳтимол билан ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 3-туридан ўрин олган Испанияга қарши баҳсда майдонга туша олмайди. Бу ҳақда Mundo Deportivo нашри хабар бермоқда. Футболчи жорий йилнинг 4-июн куни, терма жамоанинг Мексиканинг Маякоба шаҳридаги машғулотлар базасига учиб кетиши арафасида болдир мушагидан микро-жароҳат (ёзилиш) олган эди. Тикланиш жараёнини тезлаштириш мақсадида ўйинчи ҳатто ўзининг ишончли физиотерапевти Хоакин Хуан кўригидан ўтиш учун Мадрид шаҳрига 10 соатлик экспресс-сафар ҳам уюштирди.
Дастлаб, марказий ҳимоячининг Саудия Арабистонига қарши дебют учрашувни (1:1) ҳамда Маямида бўлиб ўтадиган Кабо-Вердега қарши 2-тур баҳсини ўтказиб юбориши маълум эди. Бироқ манбанинг берган маълумотига кўра, айни пайтдаги тикланиш суръатлари Араухонинг Гвадалахарада кечадиган Испанияга қарши ҳал қилувчи учрашувда ҳам майдонга тушишини сўроқ остида қолдирмоқда. Мазкур гуруҳда 1-тур ўйинларидан сўнг қайд этилган дуранг натижалар сабабли ушбу учрашув ҳар икки жамоа учун ҳам гуруҳдан чиқиш масаласини белгилаб бериши кутилмоқда.
Уругвай терма жамоаси тиббий штаби ва мураббийлар штаби гуруҳ босқичи доирасида марказий ҳимоячининг майдонга қайтишини жадаллаштириш ниятида эмас. Араухо миллий жамоасига фақат Уругвай плей-офф босқичига йўлланма олган тақдирдагина ёрдам бера олиши кутилмоқда. Маълумот учун, 1/16 финал босқич учрашувлари жорий йилнинг 3-4 июль кунларига режалаштирилган.