Ромелу Лукаку Бельгия терма жамоаси ихтиёрини тарк этди
«Наполи» ҳужумчиси Ромелу Лукаку Бельгия терма жамоаси қароргоҳини тарк этди. Бу ҳақда миллий терма жамоа матбуот хизмати хабар бермоқда.
Таъкидланишича, 32 ёшли футболчи ўзининг жисмоний ҳолатини яхшилаш учун бор эътиборини машғулотларга қаратмоқчи бўлган. Шу сабабли, Лукаку ўртоқлик учрашувларида иштирок этиш учун терма жамоа билан бирга АҚШга учиб кетмайдиган бўлди.
Ушбу халқаро танаффус давомида Бельгия терма жамоаси АҚШ ва Мексика жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Ўйинлар 28 март ва 1 апрел кунларига белгиланган.
Маълумот ўрнида, жорий мавсумда бельгиялик форвард «Наполи» сафида барча турнирлар доирасида 7 та ўйинда майдонга тушиб, битта гол муаллифига айланган. Футболчи 14 август куни «Олимпиакос»га (2:1) қарши кечган ўртоқлик учрашувида чап сон қисмининг тўғри мушагидан жиддий жароҳат олгани сабабли мавсумнинг катта қисмини ўтказиб юборган эди.