«Рома» ўз сафига «Тоттенҳем» ҳимоячисини қўшиб олмоқчи
Италиянинг «Рома» клуби Англиянинг «Тоттенҳем» жамоаси ҳимоячиси Раду Дрегушинни ўз сафига қўшиб олишга қизиқиш билдирмоқда.
Шунингдек, римликлар Мадриднинг «Атлетико» клубида тўп сураётган ҳужумчи Жакомо Распадори ҳамда «Манчестер Юнайтед» форварди Жошуа Зиркзени трансфер қилиш борасидаги музокараларни давом эттириш ниятида. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашрига таяниб Football Italia хабар берди.
23 ёшли Раду Дрегушин ўнг тиззасининг олдинги хочсимон бойлами узилиши сабаб жароҳатдан тикланиш жараёнини бошдан кечирди. Декабр ойида у Англия чемпионатининг 17-тури доирасида «Ливерпул»га қарши ўйинда (1:2) «Тоттенҳем»нинг қайдномасидан жой олди.
Аввалроқ Жошуа Зиркзе «Рома»га ўтишга қизиқиш билдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди, бироқ ҳозирча «Манчестер Юнайтед» футболчининг трансферига розилик бермаган.