«Рома» Салоҳни ўз сафига қўшиб олмоқчи — манба
Римнинг «Рома» клуби «Ливерпуль»дан мисрлик ҳужумчи Муҳаммад Салоҳни ижарага олиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Tutto Mercato нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, римликлар 33 ёшли футболчини ўз сафига қўшиб олишга жиддий қизиқиш билдираётгани айтилмоқда. Айни вақтда «Ливерпуль» Салоҳни фақат жорий мавсум охиригача ижарага беришга тайёр. Ушбу вариант «Рома»ни қониқтириши мумкин, бироқ битимни амалга оширишдаги асосий тўсиқ футболчининг юқори маоши бўлиши эҳтимол – Салоҳ йилига солиқларсиз тахминан 24 млн евро олади.
Жорий мавсумда Муҳаммад Салоҳ «Ливерпуль» сафида барча мусобақаларда 20 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди. 2025 йил декабр ойида мисрлик ҳужумчи мерсисайдликлар асосий таркибида бирор марта майдонга тушмаган ва аввалроқ берган интервьюларида клубдаги ҳолатидан норози эканини билдирганди.