“Рома” нега Элдор Шомуродовни сотишга шошилаётгани маълум бўлди
Италиянинг “Рома” жамоаси бир қатор футболчиларни сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакатнинг спорт нашрлари хабар тарқатди. Маълумотларга кўра, клуб 30 июнга қадар УЕФА молиявий талабларига жавоб бериш учун 10 миллион евро даромад топиши лозим.
Шу сабабли “Рома” ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродовни фойда билан сотишга интилаяпти. Унинг клуб ва терма жамоадаги яхши ўйинлари ортидан унга трансфер бозорида қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланган.
Шомуродов 5 миллион еврога баҳоланяпти, аммо римликлар уни 8 миллион еврога сотишни хоҳлашмоқда. Шуни ҳам айтиш жоизки, “Рома” Элдор учун “Женоа”га яна 3,5 миллион евро тўлаши керак. Агар футболчи 8 миллион еврога сотилса, клуб соф 4,5 миллион евро даромад қилади. Шу билан бирга, Шомуродовнинг маоши (тахминан 3 миллион евро) бўйича харажатлар ҳам қисқаради.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов 2021 йилда “Женоа”дан “Рома”га 17,5 миллион евро эвазига ўтган эди.