“Рома”: “Ману Коне ҳеч қачон ‘Челси’га ўтишга яқин бўлмаган”
“Рома” спорт директори Тони Д'Амико яримҳимоячи Ману Коненинг ёзги трансфер ойнасида “Челси”га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди. Клуб вакилининг таъкидлашича, Лондон жамоаси франциялик футболчи учун расмий таклиф юбормаган.
“Коне ҳеч қачон ‘Челси’га ўтишга яқин бўлмаган. Биз ҳатто расмий таклиф ҳам олмадик. Клублар ўртасида телефон орқали мулоқот бўлган, холос. ‘Челси’ бизга ҳеч қандай таклиф юбормади”, — дея Д'Амиконинг сўзларини келтирди инсайдер Фабрицио Романо.
Аввалроқ бир қатор ОАВ “Челси” Коне трансфери бўйича музокаралар олиб боргани ва Жан Пьеро Гасперини футболчини жамоада олиб қолишни талаб қилгани ҳақида хабар берган эди. Айрим манбаларда ҳатто тахминан 60 миллион евролик келишув муҳокама қилингани айтилган, бироқ “Рома” раҳбарияти бу маълумотларни рад этмоқда.
Маълумот учун, 25 ёшли Ману Коне жорий мавсумда “Рома” сафида икки учрашувда майдонга тушди. Унинг клуб билан шартномаси 2029-йилгача амал қилади, Transfermarkt футболчини 50 миллион еврога баҳоламоқда.