«Рома» Маленни «Астон Вилла»дан тўлиқ сотиб олмоқчи
Римнинг «Рома» клуби «Астон Вилла» ҳужумчиси Дониелл Маленнинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олишни режалаштирмоқда. Клуб футболчи учун белгиланган сотиб олиш бандини фаоллаштиришга тайёр. Бу ҳақда таниқли инсайдер Фабрицио Романо хабар берди.
Келишувга кўра, «Рома» ижара учун тўланган 2 миллион еврога қўшимча равишда яна 25 миллион евро тўлайди. Шунингдек, «Астон Вилла» футболчининг кейинги сотувидан 10 фоиз улуш олади.
Сотиб олиш мажбурияти қуйидаги ҳолатларда автоматик равишда кучга киради:
- «Рома» мавсум якунида Чемпионлар Лигаси ёки Европа Лигаси йўлланмасини қўлга киритса;
- Мален июн ойига қадар жамоа ўйинларининг 50 фоизида майдонга тушса.
Нидерландиялик ҳужумчи аллақачон Рим клуби сафида ўзини кўрсатишга улгурди. У «Рома» либосида ўтказган дастлабки 5 та учрашувида 5 та гол уришга муваффақ бўлди.
Ҳозирда «Рома» 25 турдан сўнг 47 очко жамғарган ҳолда, Италия А Серияси турнир жадвалида 4 ўринни эгаллаб турибди.