Родрининг Испаниядаги жамоадошлари уни \"Реал\"га ўтишдан қайтармоқда
"Манчестер Сити" яримҳимоячиси Родрининг "Реал Мадрид"га эҳтимолий трансфери Испания терма жамоасида ҳам муҳокама қилинмоқда. Хабарларга кўра, терма жамоадаги айрим футболчилар уни амалдаги клубида қолишга ундамоқда.
Маълумотларга кўра, жамоадошлари Родрига "Реал Мадрид"га ўтиш катта босим ва ортиқча эътибор олиб келишини, "Манчестер Сити"да эса у аллақачон жамоанинг асосий етакчиларидан бири эканини эслатишган. Шунингдек, улар яримҳимоячига Англияда қолиш спорт фаолияти учун энг тўғри қарор бўлиши мумкинлигини айтишган.
Шу билан бирга, Родрига "Реал Мадрид"нинг қизиқиши сақланиб қолмоқда. Мадрид клуби уни ёзги трансфер ойнасидаги устувор номзодлардан бири сифатида кўрмоқда, бироқ трансфер бўйича якуний қарор ҳали қабул қилинмаган. Турли ОАВларда музокаралар борасида қарама-қарши маълумотлар тарқалмоқда.
Ҳозирча Родрининг ўзи келажаги борасида расмий баёнот бергани йўқ. "Манчестер Сити" эса испаниялик футболчига янги шартнома таклиф қилиб, уни жамоада сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.