Родри яна «Манчестер Сити»дан кетишни сўради
«Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Родри яна бир бор клуб раҳбариятидан уни жамоадан қўйиб юборишни сўради. Испаниялик футболчи фаолиятини «Барселона»да давом эттиришни хоҳламоқда. Бу ҳақда инсайдер Николо Скира X ижтимоий тармоғида хабар берди.
Манбага кўра, Родри «Барселона»га ўтиш истагида қатъий туриб олган ва «Манчестер Сити» раҳбариятига трансферга рухсат беришни фаол равишда сўрамоқда. Каталония клуби ҳам футболчининг трансфери борасида «Манчестер Сити» билан музокараларни давом эттирмоқда. Томонлар ўртасидаги навбатдаги музокаралар бугун бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Скиранинг таъкидлашича, Родри «Барселона» билан шахсий шартнома шартларини аллақачон келишиб олган. Битим 2030 йилга қадар мўлжалланган бўлиб, испаниялик ярим ҳимоячининг йиллик маоши 15 миллион еврони ташкил этади.
Энди «Барселона» трансфер суммаси бўйича бевосита «Манчестер Сити» билан келишиб олиши керак.