Родри: «Пастки блокда ҳимояланадиган жамоага қарши ўйнаш қийин»
Испания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Родри ЖЧ-2026 гуруҳ босқичининг 1-турида Кабо-Вердега қарши кечган ўйин (0:0) якунлари ҳақида тўхталиб ўтди. Sofascore маълумотларига кўра, испанлар ўйин давомида 27 та зарба беришган (шундан 7 таси дарвозага аниқ борган), 2,29 кутилган гол (xG) кўрсаткичини қайд этишган ва 74% вақт давомида тўпга эгалик қилишган, бироқ барибир гол ура олишмаган.
«Бу сабр талаб қиладиган ўйин бўлди. Рақиб учрашув бошиданоқ бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб олди. Биз вазиятлар яратдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Пастки блокда ҳимояланадиган жамоага қарши ўйнаш ҳар доим қийин», — дея Родрининг сўзларини келтирмоқда The Touchline нашри.
Испания миллий терма жамоаси «H» гуруҳида иштирок этмоқда, гуруҳдан шунингдек Уругвай, Саудия Арабистони ва Кабо-Верде жой олган. Ҳисобига битта очко ёздириб қўйган испанлар навбатдаги учрашувини 21 июн куни Саудия Арабистони жамоасига қарши ўтказади.