Робертсон Салоҳга мактуб йўллади: «Сен — буюксан. Сендақаси бошқа йўқ»
«Ливерпул» ҳимоячиси Эндрю Робертсон ҳужумчи Муҳаммад Салоҳнинг жамоадан кетиши ҳақидаги эълонидан сўнг, мисрлик юлдузга ўз мурожаатини йўллади. Аввалроқ Салоҳ жорий мавсум якунида мерсисайдликлар сафини тарк этишини маълум қилган эди.
«Муҳаммад, барчаси учун раҳмат. Бу майдонда ва ундан ташқарисидаги унутилмас хотираларга бой ҳаётимизнинг энг яхши тўққиз йили бўлди. Сенинг ўз ишингнинг устасига айланишингни кузатиш ва «Ливерпул» либосини кийган энг яхши футболчилардан бири бўлишингга гувоҳ бўлиш мен учун шараф эди.
Сенинг дунёқарашинг ва қадриятларинг ноёб, кўпчилик сендан ўрнак олиши керак. Сен ҳар куни олдинга интиласан ва ўзингдан ҳамда бошқалардан кўпроғини талаб қиласан. Шунча йил давомида сен билан бир майдонда тўп суриш, энг муҳими эса, сени дўстим деб аташ имкониятига эга бўлганимдан мамнунман.
Сен «Ливерпул»даги мақомингга мос келадиган тарзда кузатиб қўйилишга лойиқсан. Сен — буюксан. Сендақаси бошқа йўқ», — деб ёзди Робертсон ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.