Роберто Де Дзерби «Тоттенхэм»ни бошқаришга тайёр, аммо битта шарт билан
«Брайтон» ва «Марсель» клубларининг собиқ бош мураббийи Роберто Де Дзерби агар «Тоттенхэм» Премьер-лигада ўз ўрнини сақлаб қолса, Лондон клубида ишлашга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда The Telegraph нашри хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, жорий халқаро танаффус пайтида «шпорлар» раҳбарияти жамоа натижаларини барқарорлаштира олмаган вақтинчалик мураббий Игор Тудор масаласида бир қарорга келишлари кутилмоқда. Манбанинг маълум қилишича, Тудор ҳозирча ўз лавозимида қолса-да, келаси мавсумда «Тоттенхэм»да ишламаслиги аниқ. Клуб ёзда янги доимий мураббий тайинлашни режалаштирган.
Бўш қолиши кутилayotgan ушбу лавозимга асосий номзодлар сифатида 2026 йилги Жаҳон чемпионатида АҚШ терма жамоасини бошқарадиган Маурисио Почеттино ҳамда январ ойида «Марсель» билан хайрлашганидан буён ишсиз юрган Роберто Де Дзерби кўрилмоқда.
Шунингдек, агар «Ливерпул» Арне Слот билан хайрлашишга қарор қилса, Де Дзерби мерсисайдликлар учун ҳам номзод бўлиши мумкин. Шунингга қарамай, италиялик мутахассис «Тоттенхэм» таклифига очиқ, бироқ у фақат жамоа АПЛда қолишини кафолатласа, Лондонга йўл олади.