Ринат Дасаев: Ўзбекистонга Жаҳон чемпионатида зафар тилайман
Кеча, 14 август куни Тошкентда Ўзбекистон ва Россия фахрий футболчилари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Меҳмонлар сафида бир қатор собиқ юлдузлар, жумладан, 1988 йилнинг энг яхши дарвозабони деб топилган Ринат Дасаев ҳам майдонга тушди.
Беллашувдан сўнг Дасаев Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди:
— Таассуротларим жуда ёқимли. Ўзбекистонга келиш ва яқин дўстлар билан кўришиш мен учун катта қувонч. Меҳмондўст халқингизга миннатдорлик билдираман. Фурсатдан фойдаланиб, мамлакатингизга фақат юқори марралар ва Жаҳон чемпионатида омад тилайман.
Афсонавий дарвозабон “Пахтакор-79” таркибида ўзбек терма жамоаси ва Олимпия жамоаси футболчилари ўйнаганини, Ан ва Фёдоров шулар жумласидан эканини эслатди. Унинг сўзларига кўра, ўзбек футболи ҳар доим юқори даражада бўлиб келган ва бу ўйин дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлади.