Реванш олинмади: Ўзбекистон яна Японияга имкониятни бой берди
Ўзбекистон U23 терма жамоаси Айти–Нагоя шаҳри мезбонлик қилаётган XX Осиё ўйинлари ярим финалида мезбон Япония билан тўқнаш келди. Вакилларимиз учрашувни жуда яхши бошлади ва 8-дақиқада Сардор Баҳромовнинг голи эвазига ҳисобда олдинга чиқди. Жамоамиз бу устунликни деярли баҳс охиригача сақлаб турди, аммо 88-дақиқада Сена Ишибаси жавоб голини уриб, ҳисобни тенглаштирди.
Асосий ва қўшимча вақтда ғолиб аниқланмагач, финал йўлланмаси пенальтилар сериясида ҳал қилинди. 11 метрлик зарбаларда эса мезбонлар аниқроқ ҳаракат қилди. Бу учрашувнинг ўзига хос рамзий тарихи ҳам бор эди. 2024 йилги U23 Осиё кубоги финалида Ўзбекистон айнан Японияга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган. Орадан икки йил ўтиб, томонлар яна муҳим босқичда рўбаро келди, аммо бу сафар ҳам реванш олишнинг имкони бўлмади.
Шу тариқа, Ўзбекистон финалга атиги бир қадам қолганда тўхтатилди. Аммо турнир ҳали якунлангани йўқ. Вакилларимиз 3 октябрь куни бронза медали учун Хитойга қарши майдонга тушади. Toyota Stadiumда ўтадиган учрашув Тошкент вақти билан соат 11:00 да старт олади.