“Реал”нинг 18 ёшли футболчиси Моуринёни ҳайратда қолдирди
Мадриднинг “Реал” клуби тарбияланувчиси Алексис Сирия мавсумолди тайёргарлик жараёнида бош мураббий Жозе Моуринью ва унинг ёрдамчиларида катта таассурот қолдирди. 18 ёшли вингер жамоанинг ёзги йиғинидаги асосий кашфиётлардан бири бўлиб турибди.
Diario AS маълумотига кўра, “Реал” мураббийлар штаби ёш испаниялик футболчининг техникаси ва рақибдан чўчимай ўйнашини юқори баҳоламоқда. Клубда Сирия келажакда асосий жамоада ўзини кўрсатиш учун етарли салоҳиятга эга деб ҳисобланмоқда.
Алексис йил бошида “Севилья” академиясидан “Реал” сафига қўшилган эди. У янги клубига тез мослашиб, ёшлар жамоасидаги ўйинлари билан эътибор қозонди. Аввалроқ AS футболчини Мадрид клубининг истиқболли ёш иқтидорларидан бири сифатида таърифлаган.
Мавсумолди учрашувларида ҳам Сирия ўзини кўрсатишга улгурди. У “Фиорентина”га қарши ўртоқлик баҳсида гол урган, “Ференсварош” билан учрашувда эса голли узатма амалга оширган. Энди ёш вингернинг ўйинлари Моуринью эътиборига тушгани сабаб унинг асосий жамоада имконият олиш эҳтимоли ошмоқда.