\"Реал\" УЕФАдан \"Барселона\"нинг қўлга киритган совринларини бекор қилишни талаб қилди
Испания футболидаги "Негрейра иши" юзасидан можаро янги босқичга чиқди. Бир қатор хорижий нашрлар хабарига кўра, "Реал Мадрид" УЕФАга расмий мурожаат йўллаб, “Барселона”нинг Хосе Мария Энрикес Негрейра билан боғлиқ даврда қўлга киритган совринларини бекор қилишни сўраган.
Маълумотларга кўра, мадридликлар УЕФАдан 2001–2018 йиллар оралиғида қўлга киритилган совринлар масаласини қайта кўриб чиқишни, шунингдек, иш бўйича қўшимча чоралар кўришни талаб қилган. Бундан ташқари, "Реал" суддан "Барселона"нинг ички назорат тизими ва молиявий ҳужжатларига оид қўшимча материалларни ҳам тақдим этишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, "Негрейра иши" "Барселона"нинг Испания ҳакамлар техник қўмитаси собиқ вице-президенти Хосе Мария Энрикес Негрейрага тегишли компанияларга йиллар давомида миллионлаб евро тўлов қилгани билан боғлиқ. Клуб ушбу маблағлар ҳакамликка оид техник ҳисоботлар ва маслаҳат хизматлари учун тўланганини таъкидлаб келмоқда ҳамда спорт натижаларга ноқонуний таъсир кўрсатилганини рад этади. Иш бўйича тергов ва суд жараёнлари ҳануз давом этмоқда.
Ҳозирча УЕФА мазкур мурожаат юзасидан расмий қарор чиқармаган. Иш бўйича якуний ҳуқуқий хулоса эълон қилинмагунича, "Барселона"нинг совринлари ёки мусобақалардаги мақомига оид ҳеч қандай расмий ўзгариш киритилмаган.