«Реал» Тимберга қизиқиш билдирмоқда
Мадриднинг «Реал» клуби «Арсенал» ҳимоячиси Юрриен Тимберга қизиқиш билдирмоқда. «Қаймоқранглилар» раҳбарияти ҳимоя чизиғи футболчиларининг ўртача ёшини пасайтиришни мақсад қилган. Ҳозирча Испания гранди Тимбер бўйича расмий таклиф билан чиққанини йўқ, бироқ «Реал» скаутлари сўнгги икки ой давомида унинг ҳар бир ўйинини кузатиб боришган. Бу ҳақда журналист Экрем Конур хабар берди.
Манба берган маълумотга кўра, «тўпчилар» 24 ёшли футболчини сотишга тайёр эмас, бироқ 85-100 миллион евро миқдорида таклиф тушса, музокараларни бошлашлари мумкин. Шунингдек, «Арсенал» Тимберга янги шартнома таклиф қилиши ҳам истисно этилмаяпти.
Жорий мавсумда Тимбер барча турнирлар доирасида 43 та учрашувда иштирок этиб, ўз ҳисобига 4 та гол ва 7 та самарали узатмани ёздириб қўйди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Transfermarkt порталида келтирилган маълумотларга кўра, унинг бозор қиймати 70 миллион еврони ташкил этади.