«Реал» «Расинг»нинг 18 ёшли яримҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи
Мадриднинг «Реал» клуби «Расинг» жамоасининг 18 ёшли иқтидорли яримҳимоячиси Серхио Мартинесни ўз сафига қўшиб олмоқчи. Бу ҳақда нуфузли AS нашри хабар бермоқда. Бироқ бу йўлда «қироллик клуби»га азалий рақиби — «Барселона» жиддий рақобат туғдириши кутилмоқда.
Испаниянинг ҳар икки гиганти ҳам Испания U-19 терма жамоаси аъзоси бўлган Мартинес бўйича таклиф тайёрлаб қўйган. Режага кўра, клублар футболчини 30 июнга қадар ўзларининг захира жамоаларига ижарага олиб, шартномага сотиб олиш ҳуқуқини киритмоқчи. Шунингдек, «Реал» ва «Барса» «Расинг» академияси тарбияланувчисини дарҳол тўлиқ сотиб олиш вариантини ҳам кўриб чиқмоқда.
Мартинес — майдон марказида исталган позицияда ўйнай оладиган креатив яримҳимоячи. У таянч, марказий ёки ҳужумкор яримҳимоячи сифатида бирдек фойдали ҳаракат қила олади.
Йош иқтидор мавсумолди тайёргарлик жараёнида барчани ҳайратда қолдириб, асосий жамоада қолган эди. Бироқ мавсум давомида у асосий таркибдаги жойини бироз йўқотиб қўйди. Шунга қарамай, унинг салоҳияти Мадрид ва Каталония скаутларида катта қизиқиш уйғотган.