«Real Madrid» янги мураббий олдига асосий талабни қўйди
Мадриднинг «Real» клуби раҳбарияти жамоанинг янги бош мураббийи олдига жорий мавсум давомида йўқотилган барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва тартибни зудлик билан тиклашни энг бирламчи вазифа қилиб қўймоқчи. Бу ҳақда AS нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотга кўра, ушбу вазифа янги мавсумда «қаймоқранглилар» бошқарувини қўлга оладиган ҳар қандай мутахассис учун устувор этиб белгиланади. Айни дамда Мадрид клуби бош мураббийлигига айни вақтда «Benfika»да фаолият юритаётган Жозе Моуринью яқин турибди. Португалиялик мураббий ушбу чақириқни қабул қилишга ва вазиятни яхши томонга ўзгартиришга тайёр.
«Real» раҳбарияти учун иккинчи даражали муҳим вазифа таркибни кучайтириш ҳисобланади. Бироқ клуб мутасаддилари футболчилар ўртасидаги ички низолар ва кийиниш хонасидан маълумотларнинг ташқарига сизниб чиқиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш, янги ўйинчилар сотиб олишдан кўра муҳимроқ эканини тушуниб туришибди.