«Real Madrid» ва УЕФА Суперлига масаласида ўзаро муросага келди
Мадриднинг «Real» клуби ўзининг расмий сайтида Европа Суперлигасини ташкил этиш борасидаги зиддиятлар бўйича УЕФА билан муросага келинганини эълон қилди. Қайд этиш жоизки, айнан Мадрид клуби ушбу лойиҳанинг энг фаол ташаббускори ва ҳимоячиси бўлиб келаётган эди.
Клуб томонидан берилган расмий баёнотда шундай дейилади:
«УЕФА, Европа футбол клублари ва Мадриднинг «Real» жамоаси Европа клублар футболи манфаатлари йўлида келишувга эришдилар. Бир неча ойлик муҳокамалардан сўнг, томонлар спорт принципларига таянган ҳолда, клубларнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминлаш ва технологиялар ёрдамида мухлислар учун қулайликларни оширишга қаратилган тамойиллар бўйича келишиб олдилар».
Мазкур келишув нафақат ҳамкорликни, балки узоқ вақт давом этган суд жараёнларини тўхтатишни ҳам кўзда тутади. Ушбу тамойиллар тўлиқ ҳаётга татбиқ этилгач, Суперлига билан боғлиқ барча ҳуқуқий низоларни ҳал қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади.